Untitled Document

Ахлоқ... Ота-она ҳақлари (2)

 

8. Бирон иши тушганда буйруқ оҳангида гапирмаслик. Қила оласизми каби сўзлар билан мулойим гапириш керак.

9. Хайр дуоларини олмоқ. Ота-она дуосини ғанимат билмоқ. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Уч кишининг дуоси қабул бўлади. Ота-она, мазлум ва мусофирнинг дуоси.” (Термизий)

“Ота-онанинг дуоси илоҳий пардага етиб боради. Дуолари қабул бўлади.” (Ибн Можа)

10. Баддуоларини олмаслик. Ҳадиси шарифларда: “Ота-онанинг фарзандига, мазлумнинг золимга қилган баддуолари рад этилмайди.” (Термизий)

“Ўзингизга, фарзандингизга ва молингизга баддуо қилманг. Дуоларингиз қабул бўладиган вақтга тўғри келиб қолса, баддуонгиз қабул бўлади” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Ота-она чақирганда қандай иш билан машғул бўлсанг ҳам, уни ташлаб уларнинг ҳузурига чоп! Ота-онанг сенга жаҳли чиқиб, бақирса, сен уларга ҳеч нарса дема! Ота-онанинг дуосини олишни истасанг, буюрган ишларини тез ва чиройли қилиб бажаришга ҳаракат қил. Бажарган ишингни ёқтирмай сенга аччиқланишларидан ва баддуо этишларидан қўрқ! Сенга ғазаблансалар ҳам, сен уларга қаттиқ гапирма! Дарров қўлларини ўпиб, ғазабини бос. Ота-онанинг қалбидан нима кечаётганини сезгин. Чунки сенинг саодат ва фалокатинг уларнинг қалбларидан чиққан сўзга боғлиқ. Ота-онанг касал ёки қари бўлса, уларга ёрдам бер. Саодатингни улардан оладиган хайр дуода деб бил. Агар уларни ранжитиб, баддуоларини оладиган бўлсанг, дунё ва охиратинг хароб бўлади. Отилган ўқ ортга қайтмайди. Улар ҳаётлигида қадрини бил!

«Оила ва никоҳ» китоби