Untitled Document

Ўқинг қизиқ... Ғалати намойиш ва иш ташлашлар

Космосдаги норозилик

1973 йилда АҚШнинг “Скайлаб” космик станцияси астронавтлари иш ташлашди. Улар Ердаги раҳбариятдан иш ҳажмини камайтиришни талаб қилиб, 24 соат давомида алоқани узиб қўйишди. Бир кундан кейин космонавтларнинг барча истаклари инобатга олинди ва алоқа қайта тикланди.

Италияча намойиш

Ходимлар қатъий равишда ўзларининг хизмат йўриқномаларига мувофиқ ишлай бошлашини тавсифлайдиган "Итальянча намойиш" атамаси мавжуд. Бунда вазият чидаб бўлмас ҳолга келиб, компания иши ҳам тўхтаб қолади.

Ушбу усул Швециянинг Вагерюдд шаҳрида синовдан ўтказилди. У ерда автобус ҳайдовчиларига ишга шортикда келиш тақиқланди ва рухсат этилган кийиниш қоидаларига ишора қилиниб, уларга шим, юбка, кўйлак ва пиджак кийиб келишлари мумкинлиги айтилди. Эртаси куни барча ҳайдовчилар аёллар юбкасида ишга чиқишди.

Менинг иш вақтим тугади

АҚШда маҳбусларни бир жойдан бошқа жойга олиб ўтаётган қамоқхона автобуси ҳайдовчисининг иш куни манзилига етиб улгурмасдан тугади. У соатига қаради, вақт тугаганини кўрди ва машинани одамлари билан йўл четида қолдириб кетди. Автобусдаги 40 маҳбуснинг уч соат ўтириб, янги ҳайдовчи келишини сабр билан кутишдан бошқа чораси қолмади.

 “Лифт оператори” - бу қанақа касб ўзи?

1945 йилда АҚШда лифт операторлари иш ташлашди. Ўшанда ҳар бир агрегатда тугмачаларни босадиган махсус одам бўларди. Операторлар ишга боришдан бош тортган бир пайтда, одамлар билиб-билмай ўзлари учун зарур бўлган қават тугмачасини босишни ўрганиб олишди. Намойишлар тугади, бу касб вакилларига эҳтиёж қолмади ва барча лифт операторлари ишдан бўшатилди.