Untitled Document

Илм-фан... Алкоголнинг хавфсиз миқдори йўқ

Британияда ўтказилган тадқиқотда алкоголь истеъмоли учун ҳеч қандай “хавфсиз” миқдорнинг йўқлиги ва алкоголнинг кам миқдори ҳам зарарли эканлиги аниқланди.

Британиядаги “Imperial College London” олимлари ҳар куни турли миқдорда спиртли ичимлик ичувчи ўрта ёш гуруҳидаги 10 минг кишининг МРТ тасвирларини ўрганди.

Тадқиқотда алкоголь истеъмоли мияда оз жигарранг модда, жигарда ёғ ва юракнинг чап қоринчасида кўпроқ масса тўпланишига олиб келиши маълум бўлди.

Миянинг кичрайиши Альцгеймер хасталигига, жигар ёғи жигар хасталигига олиб келади. Олимлар кунлик алкоголь истеъмоли учун хавфсиз миқдор йўқлигини, алкоголнинг ози ҳам соғлиқ учун зарарли эканлигини исботладилар.

“eLife” журналида чоп этилган тадқиқот натижалари муаллифларидан бири профессор Пол Мэтьюз “Бу тадқиқот алкоголни меъёрда истеъмол қилганда ҳам зарарли эканлигини аниқ кўрсатмоқда” деди.

Уй учун...Чойнак ва чойгумлар

Чойгумда сув қайнатишдан аввал уни тозаловчи фильтрдан ўтказиш тавсия этилади. Тоза сув қайнатилганда чойгум деворларида қурум йиғилмайди. Шу билан бирга, бундай сув соғлиқ учун ҳам фойдали. Агар фильтр ҳарид қилишга имконингиз бўлмаса, ҳеч бўлмаганда, водопровод сувини тиндириб, кейин қайнатишга одатланинг. Чойгумда йиғилиб қолган қасмоқларни кетказиш учун эса идишга тозалаб ювилган картошка пўстлоғини соласиз. Сўнг устидан сув қуйиб, қасмоқ юмшагунча қайнатасиз. Кўп ҳолларда тез-тез чой дамланадиган сирли чойнакларнинг жўмраги сарғайиб, доғ бўлиб қолади. Уларни кетказиш учун чойнакка бир пиёла кул ва қайноқ сув қуйинг. Доғлардан асар ҳам қолмайди.